Бош саҳифа Сиёсат Қарийб чорак асрлик нуфузли клиника бугун ёпилиш арафасида! - ВИДЕО
Сиёсат
Жамият
Иқтисодиёт
Тиббиёт
Ҳуқуқ
Туризм
Бизнес

Қарийб чорак асрлик нуфузли клиника бугун ёпилиш арафасида! - ВИДЕО

  • 28.05.2023 / 17:15
  • 3201
  • 0
111

“Yigitov Clinic” МЧЖ ўз фаолиятини 1999 йилда Фарғона вилояти Учкўприк туманида ижарага олинган жойда умумий хирургия амалиётларига ихтисослашган клиника сифатида бошлаган. 2006 йилда индивидуал лойиҳа асосида ўз биноси қурилишининг якунланиши билан клиникада қўшимча жарроҳлик ва бошқа тиббий йўналишлар бўйича хизматлар йулга қўйилган. 2010 йилда клиника бинолари янада кенгайтирилди ва бемор ўринлари сони 50 тага етказилди.

Ҳозирги кунда клиникада ошқозон, ўн икки бармоқли ичак, ошқозон ости бези, жигар, ўт пуфаги, талоқ, ингичка ва йўғон ичакларда операциялар, олдинги операциялар оқибатларини тузатиш бўйича оператив амалиётлар, шунингдек, қорин деворининг барча турдаги чурралари бўйича, шу жумладан аллопластика усули билан операциялар амалга оширилмоқда.

Клиникадаги беморлар контингентини асосан Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари, шу жумладан Қўқон шаҳри ва атрофидаги туманлар аҳолиси ташкил этади. Тошкент шаҳри ва республиканинг бошқа ҳудудларидан, шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистоннинг қўшни вилоятларидан ҳам тез-тез беморлар мурожаат қилишади.

2017 йилда ўз маблағимиз ҳисобидан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларига ихтисослашган “Инновацион хирургия марказини ташкил этиш” лойиҳасини бошладик. Ушбу лойиҳа 2017-2021 йилларда бир нечта давлат дастурларига киритилди.

Жумладан, Фарғона вилояти ҳокимининг 2017 йил 24 декабрдаги «Вилоятда хусусий тиббиётни ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 621-сон қарори билан тасдиқланган «Вилоятда 2018- 2019 йилларда хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати»га;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида кенгайтирилган тарзда ўтказилган 19-сонли мажлис баёнига 5-илова «Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати»га 29-тартиб рақами билан;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июндаги «Фарғона вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ва саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 617-сон қарорига 2-илова «Фарғона вилоятида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати»га 130-тартиб рақами билан;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрдаги «2020 – 2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1001-сон қарорига 1-илова «2020-2022 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларида саноат хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги махсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати»га хизмат кўрсатишни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳалар ичида 36-тартиб рақами билан;

«Ўзбекистон Республикасининг 2021 – 2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4937-сон қарорига 3-илова «2021 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш бўйича йиғма манзилли дастур»га 780-тартиб рақами ва 5-илова «2021 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар манзилли дастури»га 577- тартиб рақами билан;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида»ги ПҚ-72-сон қарорига 3- илова «2022 йилда инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш бўйича йиғма манзилли дастур»га 832-тартиб рақами ва 6-илова «2022 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати»га 603-тартиб рақами билан киритилган.

Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган сиёсати ва ташаббусларидан руҳланган ҳолда, ўз фаолиятимизни янада кенгайтириш, дунё стардартларига жавоб берадиган, замонавий ва ҳамёнбоп малакали тиббий хизматни ташкил этишни мақсад қилдик. Ушбу лойиҳамиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватлангани, давлат дастурларига киритилгани бизни янада қувонтирди.

2017 йил баҳор ойларида лойиҳага старт берилди. Даставвал, сўнгги ўн йиллик ичида тиббиёт соҳасини юқори суръатлар билан ривожланишига эришган давлатлар – Жанубий Корея, Туркия ва Ҳиндистонга сафар қилиб, уларни соғлиқни сақлаш тизими ривожланишининг ўзига хос тажрибаси ўрганилди ва у ердаги етакчи шифохоналар фаолияти билан яқиндан танишилди. Буларга таянган ҳолда юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларига ихтисослашган «Инновацион хирургия марказини ташкил этиш» лойиҳаси ишлаб чиқилди ва уни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан лойиҳани тегишли давлат дастурларига киритилганидан кейин ушбу жараёнга бизга хизмат кўрсатувчи Асакабанк Қўқон филиали қўшилди. Лойиҳанинг концепцияси ҳамда техник-иқтисодий кўрсаткичлари билан танишиб, банк 12 млрд. сўм ва 3 млн. АҚШ доллар миқдорида кредит маблағлари ҳисобидан уни молиявий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Дастлаб, лойиҳамиз Асакабанк томонидан маъқулланиб, кредит шартларини муҳокама қилинганда, у бўйича устама хақи йиллик 16 фоиз бўлиши келишилган эди. Барча ҳужжатлар тайёрланиб, банкка топширилишидан олдин – 18 фоиз, кредит шартномасини имзолашга келган пайтда эса – 20 фоиз бўлиши айтилди. Лекин ушбу шартга рози бўлмасликни иложиси йўқ, чунки биз аллақачон барча режаларимизни ушбу кредит олинишига боғлаб қўйган эдик ва орқага йўл қолмаганди.

2018 йил 12 октябрда Yigitov Clinic ва Асакабанк Қўқон филиали ўртасида биринчи босқич учун 12 млрд. сўмлик кредит шартномаси имзоланди. Банк шартномада белгиланган кредит маблағини икки қисмда, яъни 5,7 млрд сўмлик қисмини 2018 йилда, 6,3 млрд сўмлик қисмини 2019 йилда молиялаштирди. Лойиҳани амалга ошириш ишлари давом эттирилди.

Шу орада хорижий ҳамкорлар билан биргаликда уларнинг ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, берган тавсияларига мувофиқ лойиҳанинг концепцияси ҳамда техник-иқтисодий кўрсаткичлари қайта ишлаб чиқилди. Ушбу параметрлар 2019 йил сентябрь ойида Фарғона вилоятида ўша даврдаги Президент Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзақовлар бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда маъқулланди ҳамда давлат дастурига киритилиши белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрдаги 1001-сон қарори билан лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5 минг қатнов, умумий қиймати 16 млн. АҚШ доллар, шундан Асакабанкнинг кредит маблағлари ҳисобидан 11 млн. АҚШ доллар миқдорида тасдиқланди.

Лойиҳа объектида қурилиш-реконструкция ишлари қизғин паллага кирган бир пайтда 2020 йил 16 мартдан эътиборан коронавирус пандемияси шароитида инфекция тарқалишини олдини олишга қаратилган бир қатор чекловлар киритилди. Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасида авиақатновлар бекор қилинди. Бунинг оқибатида, лойиҳа объектида қурилиш-реконструкция ишларини молиялаштириш учун асосий манба сифатида хизмат қилган тиббий туризм соҳасидаги йўлига тушволган фаолиятимиз тўхтаб қолди. Шу билан бирга, аҳолининг ҳаракатланишига қўйилган чекловлар сабабли мижозлар ташрифи деярли “ноль”га тушиб, клиника томонидан хизмат кўрсатиш суръати кескин равишда камайиб, пул тушумлари миқдори ҳам пасайиб кетди. Натижада, қурилиш объектидаги ишлар тўхтаб қолди.

Биз тўлов жадвалига қатъий риоя қилиш кераклигини ҳеч қачон инкор қилмаганмиз. Аммо форс-мажор вазиятлар юзага келганда тўловлар билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келиш табиий хол.

Иқтисодий фаоллик пасайган пайтда молиявий аҳволимиз ёмонлашиш истиқболлари ҳақидаги такрорий огоҳлантиришларимизга қарамай, Асакабанк бизнинг тўлов қобилиятимиз қай даражада эканлигини умуман инобатга олмади.

Пандемиянинг салбий таъсири оқибатларини юмшатиш, лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлаш, уни амалга оширилишига тўсиқ бўлаётган масалаларни ҳал этиш, корхонамизнинг жорий фаолияти узлуксизлигини таъминлаш орқали молиявий аҳволини барқарорлаштириш ҳамда тўлов қобилиятини ошириш юзасидан мурожаатларимиз эътиборсиз қолдирилди.

Орадан бироз вақт ўтиб, банк бир томонлама ва биз билан келишмасдан, Президентнинг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4937-сон қарорига киритилаётган пайтда, лойиҳа параметрларини камайтирган ҳолда – умумий қиймати 58,6 млрд. сўм, шундан Асакабанкнинг кредит маблағлари ҳисобидан 13,1 млрд. сўм ва 3 млн. АҚШ доллар миқдорида, деб тақдим қилган.

Кейинчалик, банк яна биз билан келишмаган ҳолда ва бир томонлама тартибда, Президентнинг навбатдаги 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-72-сон қарори учун лойиҳа параметрларини ўзгартирилган тарзда тақдим этиб, молиялаштириш манбаси сифатида Хитой тараққиёт давлат банкидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар деб киритган. Ушбу аргументни сабаб қилиб, банк кейинги кредит учун аризаларимизни қабул қилмади.

Лойиҳамиз банкка тақдим этилган техник-иқтисодий асосномага (ТИА) мувофиқ лойиҳавий молиялаш тамойиллари асосида амалга оширилиши назарда тутилган бўлсада, ушбу омил банк томонидан инобатга олинмади.

Табиийки, ушбу вазиятда банкдан олинган кредит бўйича муддати ўтган қарздорлик юзага келди. Аҳвол янада мураккаблашишини олдини олиш мақсадида банкдан кредитни охирги қайтариш муддатини 2 йилга чўзиш орқали тўлов юкини корхонанинг молиявий-иқтисодий аҳволи, реал пул оқимлари ва имкониятларига мутаносиб равишда белгилашни сўрадик.

Асакабанк бунинг учун ўз шартларини қўйди. Ушбу кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган, бугунги кундаги бозор нарҳи 20 млрд. сўм атрофидаги, корхонамизга тегишли бўлган Фарғона вилояти, Учкўприк тумани, Ўқитувчилар кўчаси 14-уй манзили бўйича жойлашган шифохона бино ва иншоотлари гаров қийматини 12,44 млрд. сўмдан 8,88 млрд. сўмга тушириш, қўшимча равишда лойиҳа амалга оширилиб турган, бугунги кундаги бозор нарҳи 25 млрд. сўм атрофидаги, корхонамизга тегишли бўлган Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри, Навбаҳор кўчаси 20-уй манзили бўйича жойлашган бино ва иншоотлармизни 6,12 млрд. сўм қийматда гаровга қўйишни талаб қилди.

Гаров нотариал тарзда расмийлаштириб бўлингандан кейин, ҳали кредит шартномасига қўшимча келишув қилмасдан аввал, Асакабанк орқа сана билан берган ўз «Таклиф хати» орқали кредит муддатини чўзиш бўйича дастлабки келишувларимизга зид равишда кредитни охирги қайтариш муддатини 2 йилга эмас, 1 йилга чўзилишини, муддати чўзилаётган қисмига эса йиллик 20 фоиз ўрнига 26 фоиз устама хақи белгиланиши тўғрисида қўшимча шарт қўйди.

Шундай бўлсада, биз Асакабанк босими остида касод бўлиш остонасига бориб қолганлигимиз туфайли, ушбу шартларга розилик беришга мажбур бўлдик. Лекин, аслида бу келишув муаммо ҳал бўлишига хизмат қилмади, аксинча, уни янада жиддийлаштирди.

Минг афсуски, аввал коронавирус пандемиясининг салбий таъсири, кейин эса Асакабанк Қўқон филиали томонидан лойиҳага масъулиятсизлик ва эътиборсизлик билан қараб, бир томонлама ва ноконструктив позицияси оқибатида замонавий лойиҳани амалга ошириш тугул, йигирма тўрт йил давомида муваффақиятли фаолият кўрсатиб келган нуфузли клиника фаолияти бугун тўхтатилиш арафасида турибди.

2022 йил август ойида Асакабанк Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси орқали кредитни муддатидан олдин ундиришни ҳамда ундирувни гаровга қўйилган бино ва иншоотларга қаратишни сўраб даъво аризаси билан судга мурожаат қилди.

Банкнинг охирги ғирромлик ҳаракатларидан кейин, у билан конструктив тарзда иш олиб борилишига умид қолмай, тақдирга тан берган холда даъво аризаси юзасидан хеч қандай эътироз билдирилмади ва суд банк фойдасига қарор чиқарди.

Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 октябрдаги ижро варақасига мувофиқ Мажбурий ижро бюроси Учкўприк туман бўлими томонидан гаровдаги мол-мулкларни сотиш бўйича такрорий кимошди савдоси амалга ошмаганлиги муносабати билан банкка бошланғич сотиш нарҳидан 10 фоиз арзонлаштирилган қийматда қарздорликни қоплаш ҳисобига ўзида қолдириш тўғрисида таклиф хатлари юборилган.

Банк мазкур таклиф хатларига розилик билдирган бўлсада, мулкларни банк балансига қабул қилиш Бош банк ваколатида эканлигини важ қилиб, қонунда белгиланган тартибда балансга олиш чораларини кўрмади. Бунинг ўрнига Асакабанк ижро варақасини қайтариб олди. Бу орада вақт ўтиб, қарздорлик бўйича оширилган фоиз ва пенялар ҳисобланишига, сунъий равишда қарздорлик миқдорининг ўсишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирги кунга қадар олинган 12 млрд. сўм кредит бўйича, жами 8,5 млрд. сўм, шундан 320 млн. сўм асосий қарз ҳамда қолган 8 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар фоиз ва бошқа қарздорликларни сўндирилишига йўналтирилганлигига қарамай Асакабанкнинг ғараз ҳаракатлари оқибатида қарздорлик бўйича оширилган фоиз ва пенялар ҳисобланиб, сунъий равишда қарздорлигимиз миқдори кун сайин ошиб бормоқда. Бу эса корхонамизни қарз ботқоғига ботирмоқда.

Лойиҳани амалга оширишга ўзи ҳам масъул бўлишига қарамай, юзага келган масалаларни ўз ваколати доирасида ҳал қилишга кўмаклашиш, ажратилган кредит шартларини мутаносиб равишда қайта кўриб чиқиш ҳамда лойиҳа бўйича амалга оширилаётган ишларни якунига етказиш ва уни ишга тушириш учун шароит яратиб бериш ўрнига, бизни фаолиятимизга тўсиқ бўлиб, муаммоларни ечиш ва лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш борасида қилган барча саъй-ҳаракатларимизни амалда барбод қилди.

Бу ҳолат Сиз ҳурматли Президентимиз, томонидан тадбиркорларни қўллаб- қувватлаш борасида, шу жумладан тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар талаблари жойларда бажарилмаётганлигини, Асакабанкнинг ходимлари давлат дастурларини яширин тарзда саботаж қилганлигини кўрсатади.

Агар Сиз чиқараётган фармон ва қарорлар банклар томонидан бажарилмаслигини билганимизда ва режаларимизни амалга оширишга имкон берилмаслигини англаганимизда ушбу лойиҳага қўл урмасдан шунча маблағни бекорга ишлатмаган, энг асосийси, қимматли вақтимизни бекорга сарфламаган бўлардик.

Асакабанкнинг ҳозирги ҳаракатлари эса юзага кел(тирил)ган ушбу вазиятдан фойдаланиб қолишга бўлган уринишга ўхшаяпти. Дарҳақиқат, гаров механизми орқали корхонамизнинг мол-мулкларини оқилона бозор қийматидан бир неча баробар кам бўлган нарҳда тортиб олишга шароит яратилган. Банк ходимларининг ушбу хатти-ҳаракатлари «қонунийлаштирилган рейдерлик» сифатида баҳоланиши мумкин, чунки бу орқали бизнинг мол-мулкларимиз бошқалар томонидан арзон-гаров ўзлаштириб олинишига замин яратилмоқда.

Бунинг устига, юқоридаги ҳаракатларга тўсқинлик яратмаслигимиз учун, Асакабанк ходимлари томонидан тўхтовсиз қўрқитиш, таҳдид ва руҳий тазйиқ ўтказиш давом этмоқда. Тизимли, мақсадли ва онгли равишда бизни қоралаш ва обрўйимизга путур етказувчи ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Охир-оқибат лойиҳа тугатилиши юзасидан бор жавобгарликни тўлиқ бизнинг бўйнимизга қўйиш мақсад қилиб олинган, деган хулосага келяпмиз.

Асакабанк билан барча масалаларни тинч йўл билан, ўзаро келишув орқали ҳал қилинишидан умидвор эдик. Аммо вазият шу даражага етдики, энди кредитни мақсадсиз сарфлаган деган важ билан жиноий жавобгарликка торттириш ҳақидаги гапларни такрор-такрор таъкидлаб, қўрқитишга уринмоқда.

Сиздан нажот излаб мурожаат қилмоқдамиз. Негаки, сизнинг тадбиркорларга, элим-юртим деб фаолият юритаётган инсонларга, халқига озроқ бўлсада ёрдами тегаётган фуқароларга, меҳнатдан қўрқмай ҳаракатда бўлган ҳар қандай одамдан ёрдамларингизни аямаслигингизни кўп эшитганмиз, кўрганмиз.

Масалан 2017 йил 7 январь куни прокуратура органлари ходимлари билан учрашувда: «Энг ёмони, бунинг оқибатида мавжуд иш ўринлари йўқотилмоқда. Маълумки, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол- мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртини ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор бу ҳақиқий фидоий инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман», – деган эдингиз.

Ушбу гаплар билан Сиз биз каби тадбиркорларни руҳлантириб турган бир пайтда, Асакабанк томонидан юқоридаги каби адолатсизликка йўл қўйилаётганига қандай муроса қилиш мумкин?

Юртим учун бир фойдали лойиҳани амалга ошириман деб, рискга бориб, топганини ушбу ишга тиксаю, аммо маълум форс-мажор вазиятлар оқибатида сал оқсаб қолса, бир томонлама айбдор деб эътироф этилиши ва фақат у жабр кўриши қай даражада тўғри?

Янги Ўзбекистонда «Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун» тамойили асосида фуқароларнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида Сиз олиб бораётган инсонпарвар сиёсатингиз даврида нафақат 24 йил давомида муваффақиятли фаолият кўрсатиб келган бир тадбиркор ёки у асос солган корхона, балки ўнлаб ишчилар, уларнинг орқасида турган оила аъзолари ва минглаб беморларнинг тақдири сўроқ остида қолмоқда.

Ўйлаймизки, ушбу масалалар тегишли раҳбарлар томонидан эътиборсиз қолдирилмайди ва Сизнинг «Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш – давлат сиёсатига хиёнат қилиш демакдир» деган сўзларингизни англаган ҳолда, адолат билан ечим қилинади. Шу сабабли бизнинг бу муаммойимизни ижобий ҳал этиб беришда ёрдамингизни аямайсиз деган умиддамиз!

Азиз Егитов, 
“Yigitov Clinic” МЧЖ директори

Иқтибос, кун рақами, қизиқарли овозли хабарлар ва кун дейжести - Телеграм каналимизда!

Муҳокама қолдириш

Муҳокама қонун-қоидалари


СЎНГИ ЯНГИЛИКЛАР

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАНЛАР

Сўнги Муҳим Медиа Долзарб янгиликлар