Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк дахлсиздир ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади, унга қилинган ҳар қандай тажовуз қонунга хилоф деб ҳисобланади.
Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ёки ўғрилик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир. Ўғрилик, статистика кўрсатишича, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган усулидир ва бу унинг ижтимоий хавфлилигини оширади.
Таҳлилларга кўра, мазкур жиноят бугунги кунда фуқаролар томонидан турли усулларда содир этилмоқда.
Хусусан, судланувчи В.Исаев муқаддам судланиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2021 йил 23 август куни соат 17:00 ларда Фарғона шаҳар, А.Яссавий кўчасида жойлашган “Шашлик-машлик” номли ошхонада таниши Р.Рўзиев билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилиб, Р.Рўзиевнинг маст ҳолда ухлаб қолганидан фойдаланиб, эгнидаги шимининг чўнтагидан унга тегишли 2.000.000 сўмлик “Samsung A-50” русумли телефон аппаратини яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, воқеа жойидан яшириниб, ушбу телефонни номаълум шахсга сотиб юбориб, пулларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.
Бундан ташқари, В.Исаев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2021 йил 24 октябрдан 25 октябрь кунига ўтар кечаси соат 1:00 ларда Фарғона шаҳар, А.Қодирий кўчаси, 27-уй, 48-хонадон олдига келиб, ушбу хонадонда анча вақтдан буён ҳеч ким яшамай келаётганига ишонч ҳосил қилиб, хонадонда бўлган мол-мулкларни ўғирлик йўли билан қўлга киритиб, улардан ўзининг эҳтиёжи йўлида фойдаланиш учун ёнида бўлган темир отвёрка билан хонадон эшигини очмоқчи бўлиб ҳаракат қилган ва мазкур темир эшик қулфини буза олмагани сабабли жиноий фаолиятини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмасдан, воқеа жойидан кетиб юборган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2022 йил 28 апрелдаги ҳукмига кўра, судланувчи В.Исаевга айбланган моддалар санкцияси доирасида 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Махкамжон Абдубаннабов,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар судининг судьяси
Иқтибос, кун рақами, қизиқарли овозли хабарлар ва кун дейжести - Телеграм каналимизда!
Муҳокама қолдириш
Муҳокама қонун-қоидалари